Marketing xizmati bo`limi
1. Маркетинг хизмати бўлими Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт тармоқларини малакали кадрлар билан таъминлаш борасидаги қарор ва фармонлари, амалдаги Меҳнат Кодекси, қонунчилик ҳамда таълим соҳасидаги тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиб иш кўради.

2. Маркетинг хизмати бўлимининг мақсади

Таълим хизматлари бозорида олий таълим муассасаси фаолият кўрсатишининг аниқ стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш учун бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш ва уларни ишга тақсимлаш жараёнини исътемолчилар (иш берувчилар) томонидан бўлғуси мутахассис шахсига қўйилган талабларни бажаришга йўналтириш ҳамда бу жараёнга раҳбарлик қилиш, реклама-ахборотни режалаштириш ва уни олға силжитиш рағбатини таъминлаш, битирувчиларни ишга тақсимлаш ва жойлаштиришни амалга ошириш ҳамда таълим хизматлари кўрсатишга ўз вақтида тайёргарлик кўриш, шартномалар тузишни ташкил қилиш ҳамда назоратга олишдан иборат.

3. Маркетинг хизмати бўлимининг вазифалари

- Таълим хизматлари бозорида маркетинг тадқиқотларини узлуксиз амалга ошириб, таълим хизматларига қўйилган, яъни бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича битирувчиларнинг касбий маҳоратини (малакавий сифатларини) ўрганиш ҳамда уларнинг иш берувчилар (истеъмолчилар) талабларига мувофиқлигини аниқлаш.

- Республика иқтисодиёти ва ижтимоий соҳа тармоқларида бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича рақобатли таълим хизматларининг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин бўлган хизматлар бозори конъюктурасининг ўзгаришини таҳлил қилиш ҳамда янгича ривожланиш йўналишларини белгилаш.

- Бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича таълим хизматлари бозори ва конъюктурасига таъсир кўрсатувчи турли хил омиллар (сегментлар) ўртасидаги ўзаро алоқаларни таҳлил қилиш асосида битирувчиларни олдиндан ишга тақсимлаш тизимини ташкил қилиш ва амалга ошириш.

- Бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича битирувчиларга талаб ва таклифлар нисбатини ўз ичига олган ҳолда ишга тақсимлаш объектлари – таълим хизматлари истеъмолчилари (иш берувчи корхоналар, турли мулкчилик шаклига эга бўлган ташкилотлар - давлат ва маҳаллий бошқарув органлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари ва ҳ.к.) тузилмасини баҳолаш, географик жойлашишини аниқлаш ва гуруҳлаш, потенциал имкониятларини ташхис қилиш орқали тўлиқ маълумотлар банкини яратиш.

- Жорий йил битирувчилари ҳақида (таълим йўналишлари ва мутахассисликлар кесимида давлат гранти ва тўлов-шартнома асосида кундузги ва сиртқи таълим шакллари бўйича фамилияси, исми-шарифи кўрсатилган ҳолда) маълумотлар банкини яратиш.

- Республика ва тегишли ҳудудлар (вилоятлар) иқтисодиёти ҳамда ижтимоий соҳа тармоқларининг ривожланиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда янги таълим (тайёрлов) йўналишлари ёки мутахассисликларини очиш, шунингдек таълим хизматлари бозори талабларига жавоб бермайдиганларини тўхтатиш бўйича таклифлар тайёрлаш, етарлича иш берувчига эга бўлмаган бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхатини аниқлаш.

- Талабалар қабули кўрсаткичларини аниқлаш мақсадида иш берувчилар (корхона ва ташкилотлар)нинг мавжуд таълим (тайёрлов) йўналишлари ёки мутахассисликларга бўлган талаблари (буюртмалари)ни ҳисобга олган ҳолда давлат грантлари ва тўлов-контракт бўйича жорий ва истиқболли «буюртмалар портфели»ни шакллантириш.

- Олий таълим муассасасининг битирувчиларни ишга тақсимлаш бўйича комиссиясини ташкил этиш, тақсимот комиссияси томонидан иш берувчи муассаса, корхона ва ташкилотларнинг кадрларга бўлган реал эҳтиёжларига мувофиқ битирувчиларни ишга тақсимлаш режаларини (дастлабки, аниқлашган) ишлаб чиқиш ва якуний тақсимотни ўтказиб, унинг натижалари бўйича битирувчилар шахсий тақсимот қайдномасини тузиш ҳамда умумлаштириш.

- Олий таълим муассасасининг битирувчиларни ишга тақсимлаш бўйича комиссияси фаолияти учун зарур бўлган бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ҳар бир битирувчининг рейтинги ва малакавий сифатлари тўғрисида тавсифнома, битирувчиларнинг қайси муассаса, ташкилот ёки корхонада ишлашини хохлашига оид анкета сўровлари натижалари ва иш берувчилар (истеъмолчилар)дан корхона ёки ташкилотдаги мавжуд меҳнат ҳамда маиший-маданий шарт-шароитлар, иш ҳақи миқдорлари ҳақидаги маълумотларни тайёрлаш.

- Битирувчиларни ишга тақсимлаш ва уларнинг жойлашишига оид барча зарурий ҳужжатларни (дипломдан кўчирма, ишга юборилганлик тўғрисида йўлланма, тақсимот комиссияси қарори, шахсий тақсимот қайдномаси) тайёрлаш, расмийлаштириш ва битирувчиларга топшириш.

- Тақсимот комиссияси томонидан ишга тақсимланган ёш мутахассислардан тушган аризаларини кўриб чиқиш ва ечим қабул қилиш, зарур ва асосланган ҳолларда қайта тақсимлаш ёки мустақил ишга жойлашиш жараёнини амалга ошириш учун олий таълим муассасаси комиссиясига мурожаат этиш.

- Ишга тақсимланган ва жойлашган битирувчилардан ишга юборилганлик тўғрисидаги йўлланмаларнинг бўлагини тўлиқ қабул қилиб олиш ва уларнинг тақсимот ёки қайта тақсимот (шу жумладан, мустақил ишга жойлашиш) ҳамда мутахассислиги бўйича корхоналар ва ташкилотлар кесимида ишга жойлашуви ҳақида тўлиқ якуний маълумотлар банкини яратиш.

- Битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертацияларига раҳбарлик ҳамда ДАК таркибига иш берувчи (буюртмачи) корхона ва ташкилотларнинг юқори малакали мутахассисларини жалб этиш.

- Иш берувчи корхона ва ташкилотлар билан кадрлар тайёрлаш, уларни ишга жойлаштириш, ўқув-илмий-ишлаб чиқариш марказлари (полигонлари, амалиёт базалари) ташкил этиш бўйича асоснома ва таклифлар тайёрлаш ҳамда моддий-техник ҳамкорликка оид шартномалар тузиш, шунингдек улар билан қайтар алоқаларни ўрнатиш.

- Жорий йилда ва ўтган йиллар давомида ишга жойлашган ёш мутахассислар билан қайтар алоқалар ўрнатиш, зарурий ҳолларда уларга амалий-услубий ёрдамлар кўрсатиш, маслаҳатлар бериш ҳамда меҳнат фаолияти натижаларини умумлаштириш.

- Янги ўқув йили қабул режасининг бажарилиши (давлат грантлари ва тўлов-контракт бўйича қабул режаси, тушган аризалар, конкурс, қабул қилинган талабалар сони, уларнинг курслар, таълим йўналишлари (мутахассисликлар) бўйича тақсимланиши, ўқитиш тиллари ва ҳ.к.) ҳақида маълумотлар банкини яратиш.

- Янги ўқув йилида давлат грантлари асосида қабул қилинган талабалар билан олий таълим муассасаси ўртасида ўқишни тугатгандан сўнг ишга тақсимланган жойида 3 йил ишлаб бериши тўғрисида икки томонлама шартномалар тузиш.

- Талабаларнинг ишлаб чиқариш ва диплом олди амалиёти базаларини аниқлаш мақсадида корхоналар, ташкилотлар ва хусусий хўжаликлар билан алоқалар ўрнатиш ҳамда шартномалар тузиш, иш берувчилар (истеъмолчилар)нинг битирувчилар ҳақидаги фикрлари (эътирозлари, ёш мутахассиснинг камчиликлари, рад қилиниши сабаблари) ва таълим сифатини оширишга оид таклифлари асосида амалдаги таълим мазмунига муайян ўзгартиришлар киритиш бўйича тавсиялар тайёрлаш.

- Бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича талабаларнинг касбий маҳоратини ошириш ва битирувчиларни ишга тақсимлаш борасида олий таълим муассасасининг тегишли бўлинмалари (турли илмий-услубий кенгашлар, илмий, ўқув-услубий бўлинмалар, факультетлар, кафедралар ва ҳ.к.) билан ҳамкорлик қилиш, улар томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар самарадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолашда иштирок этиш, умумий маркетинг сиёсатини амалга оширишда барча тегишли бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш.

- Таълим хизматлари ҳалқаро бозори бўйича маркетинг изланишларини олиб бориш ва таҳлилий хулосалар тайёрлаш.

- Иш берувчилар (истеъмолчилар)га ахборотлар воситасида таъсир кўрсатиш йўлларини танлаш, оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, радио-телевидение, электрон алоқа, веб-сайт) орқали битирувчилар тўғрисида (вилоятлар бўйича таълим йўналишлари, мутахассисликлар кесимида) маълумотлар эълон қилинишини, олий таълим муассасаси веб-сайтида жойлаштирилишини, маълумотномалар нашр қилиш ва уларнинг истеъмолчилар (иш берувчилар)га етказилишини таъминлаш, рекламалар мазмуни, реклама модулларининг хомаки нусхалари, мақолалар матнлари, видео- и аудиотасмалар сценарийларини тайёрлашда иштирок этиш.

- Юқори (битирувчи) курслар талабаларида касбий маҳорат сифатларининг бакалавр (магистр) маълумот даражасига ва иш берувчилар (истеъмолчилар) талабларига мувофиқ шаклланиши жараёнини ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда маркетинг изланишлари натижалари таҳлилидан келиб чиққан ҳолда рақобатбардош битирувчи шахсини шакллантириш мақсадида факультетлар, тегишли кафедралар ва илмий, ўқув-методик бўлимларга буюртмачилар (истеъмолчилар) тавсияларини тақдим этиш.

- Турдош олий таълим муассасаларида бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича тайёрланаётган рақобатли битирувчиларнинг касбий маҳорати даражаси, уларнинг устунлиги ва камчилигини баҳолаш ҳамда ўз битирувчилари билан таққослаш.

- Олий таълим муассасасида магистр даражали илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг битирувчиларни ишга тақсимлаш ва ёш мутахассислар фаолиятининг мониторингини олиб бориш ишларини мувофиқлаштирувчи махсус комиссиясига тақдим этиш.

- Кадрларга бўлган реал эҳтиёжлар ва битирувчиларни якуний ишга тақсимлаш натижалари ҳақидаги маълумотларни тааллуқли вазирлик (идора)нинг махсус комиссияси ҳамда иш берувчи муассаса, корхона ва ташкилотларга даврий равишда тақдим этиш, ишга тақсимлаш жараёни назорат режасининг бажарилиши бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ахборотлар тақдим этиш.

-. Фан-техника ютуқларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда бакалавр ва магистр битирувчиларнинг касбий маҳорати (малакавий сифатлари)ни яхшилаш мақсадида рақобатбардош бўлғуси мутахассис шахсини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш.

- Бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича битирувчиларни ишга тақсимлашда ёрдамчи-воситачилик тузилмаларини танлаш (ҳокимиятлар, меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бошқармалари (бўлимлари), савдо-саноат палатаси, агентликлар, ишончли вакиллар ва ҳ.к.) ва уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш.

- Бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича битирувчиларнинг имкониятлари ва устунликларини намойиш қилиш мақсадида олий таълим муассасасининг республика, минтақавий ва халқаро кўргазмалар, ярмаркаларда иштирок этишини таъминлаш, муассаса ҳудудида кўргазма ва витринали экспозициялар ташкил этиш.

- Имзоланган шартномаларга мувофиқ иш берувчиларни белгиланган муддатларда битирувчилар билан таъминлаш мақсадида олий таълим муассасасининг барча тегишли бўлинмалари билан талабалар қабули ва битирувчиларни ишга тақсимлаш режаларини мувофиқлаштириш.

- Олий таълим муассасасининг тегишли бўлинмалари (кенгашлар, факультетлар, кафедралар ва ҳ.к.) билан ҳамкорликда бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини давлат гранти асосида битирувчиларнинг уч йил кафолатли ишлаши, шунингдек уч йиллик мажбурий ишлаб бериш шартини ўтаётган ёш мутахассисларнинг касбий фаолияти, савиясини ошириш борасидаги ишлар ва уларнинг хизмат поғоналаридан кўтарилишига кўмаклашиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

- Бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича битирувчиларни ишга тақсимлаш ва жойлаштириш, ёш мутахассисларнинг меҳнат фаолияти натижалари бўйича олий таълим муассасасининг ички ҳисоботини юритиш ва ташкил этиш, маркетинг хизмати бўлимининг йиллик ҳисоботини тайёрлаш.

4. Маркетинг хизмати бўлимининг ҳуқуқлари

Олийтаълим муассасасининг маркетинг хизмати бўлими фаолиятига масъул бўлган проректор ҳамда маркетинг хизмати бўлими бошлиғи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

-бўлим ваколатларига кирган зарурий ишларни амалга ошириш учун олий таълим муассасасининг тегишли бўлинмаларидан (илмий ва услубий кенгашлар, ўқув ва услубий бўлинмалар, факультетлар, кафедралар ва ҳ.к.) ахборотлар тақдим қилишни талаб қилиш;

-олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари ва иш берувчи (истеъмолчи) муассаса, корхона ва ташкилотларнинг етакчи мутахассисларини (келишув асосида) ўрнатилган тартибда маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, битирувчиларни ишга тақсимлаш ҳамда улар ҳақидаги ахборотларни тарқатиш тизимини лойиҳалаш ва ташкил қилишга жалб этиш;

-битирувчиларнинг касбий маҳорати ва тайёргарлик даражасининг ДТС талаблари ва иш берувчи (истеъмолчи) муассаса, корхона ва ташкилотлар томонидан қўйилган шарт-шароитларга мувофиқлиги бўйича факультетлар ва тааллуқли кафедралар фаолиятини назоратга олиш;

-ДТС доирасида иш берувчи (истеъмолчи)ларнинг талаблари ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда битирувчиларнинг касбий сифатлари ва рақобатбардошлигини ошириш, таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш бўйича таклифлар киритиш;

-иш берувчилар (истеъмолчилар)нинг ёш мутахассислар ҳақидаги фикрлари: эътирозлари, камчиликлари ва рад қилиниши сабаблари ва таълим сифатини оширишга оид таклифларини таҳлил қилиш ҳамда таълим хизматлари бозори талабларига жавоб берувчи янги авлод битирувчиларини шакллантириш бўйича, жумладан таянч олий таълим муассасаларига тавсиялар бериш;

-иш берувчилар (истеъмолчилар)нинг таклифлари асосида мавжуд таълим методикаси (технологиялари)даги камчиликларни бартараф қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

-битирувчиларни ишга тақсимлаш ва жойлаштириш бўйича тегишли муассаса, корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш;

-амалдаги меъёрий ҳужжатларга асосланиб, битирувчиларни ишга тақсимлашнинг мавжуд тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш ёки уни такомиллаштириш бўйича Илмий кенгашга таклифлар киритиш;

-битирувчилар тўғрисида рекламалар мазмуни ва оммавий ахборот воситалари, босма нашрлар орқали маълумотлар эълон қилиниши ҳамда истеъмолчиларга етказилиши бўйича факультетлар, тааллуқли кафедралар, қабул комиссияси фаолиятини назоратга олиш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш;

-битирувчиларнинг имкониятлари ва устунликларини намойиш қилиш мақсадида олий таълим муассасаси ходимларининг республика ва халқаро кўргазмалар, ярмаркалар, учрашувлар ва конференцияларда иштирок этишини ташкил қилиш;

-маркетинг хизмати бўлими фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш, ходимлар мажбуриятида тааллуқли масалалар мажмуини аниқлаш, уларнинг лавозим вазифаларини тасдиқлаш;

-бўлим ходимларини иш-фаолияти натижаларига кўра ўрнатилган тартибда рағбатлантириш ёки чоралар кўриш бўйича таклифлар киритиш.

5. Маркетинг хизмати бўлимининг масъулияти

5.1. Мазкур Низомга мувофиқ юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун тўлиқ жавобгарлик олий таълим муассасасининг ректори ҳамда маркетинг хизмати бўлими бошлиғи зиммасига юклатилади.

5.2. Бошқа ходимлар ва бўлинмалар (проректорлар, факультет деканлари, тааллуқли кафедралар мудирлари, тегишли бўлинмалар бошлиқлари)нинг масъулият даражаси лавозим вазифаларига мувофиқ белгиланади.

6. Маркетинг хизмати бўлимининг тузилиши ва молиявий таъминланиши

6.1. Маркетинг хизмати бўлими олий таълим муассасасининг мустақил тузилмаси ҳисобланади ва бевосита ректорга бўйсунади.

6.2. Маркетинг хизмати бўлимига раҳбарликни бошлиқ амалга оширади ва у олий таълим муассасасининг маркетинг хизматига тааллуқли барча бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштиради.

6.3. Маркетинг хизмати бўлими ходимларининг сони олий таълим муассасаларининг намунавий штат бирлиги асосида шакллантирилиб, штатлар жадвали ректор томонидан тасдиқланади.

7. Маркетинг хизмати бўлими фаолиятини ташкил этиш,

бошқариш ва назоратга олиш

7.1. Маркетинг хизмати бўлими фаолияти олий таълим муассасаси ректори тасарруфида бўлади.

7.2. Маркетинг хизмати бўлими ўз фаолияти натижалари бўйича олий таълим муассасаси Илмий Кенгашида ҳар жорий йилда камида бир марта ҳисобот беради.

7.3. Маркетинг хизмати бўлими ўзига юклатилган вазифалар ижроси бўйича тегишли маълумотларни белгиланган шакл ва муддатларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.

7.4. Маркетинг хизмати бўлими фаолияти Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади ва ўрнатилган тартибда назоратга олинади.
Sana: 05.04.2016, 05:00