ТУМОР – ФИЛИАЛ ИФТИХОРИ ВА ФАХРИДИР

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали бу йил ўзининг мучал ёшини қаршилади. Шу қисқа вақт ишида нафақат  Қорақалпоғистонда, балким Республикамиз миқёсида ўз ўрни ва обрўсига эга масканга айланиб улгурди. Филиалнинг “Тумор” рақс ансамбли эса икки ёшга тўлди. Бугун биз ансамблнинг тарихи ва бугунги фаолиятига тўхталиб ўтамиз.

“Тумор” рақс ансамбли 2018 йили Есназар Халмуратовнинг филиалга ўқитувчи бўлиб келган пайтида, директор (марҳум) П.Палуаниязовнинг қўллаб-қувватлаши натижасида ташкил этилди.

 Санъат ва маданият олийгоҳида нима учун рақс ансамбли йўқ, деган саволни ўртага ташлаган Е.Халмуратов рақс ансамблини ташкил этишда жонбозлик кўрсатиб, унинг фаолиятини йўлга қўяди ва жамоага ишонч билдиради. 2018 йилнинг 16 ноябр куни Нукус шаҳридаги Болалар мусиқа ва санъат мактабида очилиш маросими бўлиб ўтади. Ансамблга “Тумор” номи берилади.

Е.Халмуратовнинг илмий ва амалий салоҳиятини бугун “Тумор” рақс ансамблининг репертуарларидан ҳам билиш мумкин. Унда жаҳон классик ва қорақалпоқ, ўзбек, турк, татар, азарбайжон, рус, тожик халқларининг рақслари ўрин олган. Республика миқёсида ўтказиладиган байрам ва тантаналарда ансамбл ўз ўрнига эга бўлди.

Жамоа иштирокчиларининг кийимлари ҳам Е.Халмуратовнинг илмий изланишлари ва касбий тажрибалари натижасида яратилган. Миллий кийимларининг безагию нақшларида ўз олдига эскиз ва тарихий маъно бор. Буни рақс оламидан хабардор инсонлар яхши тушунади.

– Бир костюм учун уч-тўрт ойлаб вақт сарфлаган вақтларим ҳам бўлган. Энг асосийси, келажакда “Тумор”ни халқ ансамблига айлантириш бош мақсадим, – дейди Е.Халмуратов.

Инсон меҳнати эътироф этилса ёки юксак баҳо берилса, бу унинг келаси ишларида яхши руҳ бағишлаши табиий. Мўйноқ туманида Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Йил талабаси – 2019” Республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Унда ўз рақслари билан қатнашган “Тумор” ансамблига Ўзбекистондаги ОТМ ректорлари томонидан юқори баҳо берилиб, Ўз ўрнида Е.Халмуратовга ташаккур билдирилди. Дарҳақиқат, “Тумор” ансамбли филиал ифтихори ва фахридир.

Шунингдек, “Қорақалпоғистон” телеканали томонидан рақс санъатига оид кўрсатувларда “Тумор” ансамбли ўзининг чиқишлари билан халқимизга хизмат қилиб келмоқда. Талабаларни ансамблга жалб қилиш, уларни тарбиялаш, имконият яратиб бериш, иқтидорларини юзага чиқариш ва муваффақиятлари билан фахрланиб юришдек бахту саодат ҳар бир педагогнинг мақсад муроди ҳисобланади. Шогирдлар ардоғидаги устозга ва “Тумор” ансамблига ижодий ишларида юксак марраларни тилаб қоламиз.

Асилбек ҚОЛҚАНАТОВ

ЎзДСМИ Нукус филиали “Маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш хамда бошкариш” таълим йўналиши 4 курс талабаси.

 384 

Skip to content