Психологиянинг тиббиёт соҳасидаги ўрни

Одамзот пайдо бўлибдики, турли касалликларга қарши курашиб келган. Бемор одамни дарддан халос қилиш учун турли усуллар ўйлаб топишган. Қадимда беморларни даволашда гиёҳларни кўп қўллашганини тарихий манбалардан яхши биламиз, лекин руҳий таъсир ўтказиш йўли билан даволаш қачон қўлланилиб бошланганлиги бизга номаълум. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозиргача номи маълум бўлган деярли барча табиблар беморларни даволашда руҳий таъсир этиш усулларини кўп қўллашган. Уларнинг аксарияти биринчи табиб – организмнинг ўзи ва айнан у ҳар қандай касалликка қарши курашиши керак, бизнинг вазифамиз эса унга ёрдам беришдир, дейишган.
Инсон психологиясини тушиниш, таҳлил қилиш ва ривожлантиришга жиддий эътибор бериш масаласи ҳамма замонларда ва ҳамма давлатларда ҳам ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг етакчи вазифаларидан бири бўлиб келган.
ХХ аср бўсағасида психология фани ва унинг илғор вакиллари ўзларининг навбатдаги жаҳоншумул илмий мақсадлари – инсонга, айни пайтда, жамиятга психологик хизмат кўрсатиш тизимининг муқаррарлигини назарий-илмий жиҳатдан асослаб беришга муваффақ бўлдилар.
Врач касбий махоратини шакллантиришда психологияни ўрни қадимги ва дастлабки психологик тасаввурлар макони бўлмиш Ҳиндистон, Хитой, Египет, Вавилон, Ўрта Осиё, Грециядан, шунингдек, жон (руҳ) хақидаги И- китобнинг муаллифи Аристотелдан ва темперамент (мижоз) таълимотининг асосчилари Галень, Гиппократ ва Ибн Синолардан тортиб, то ҳозирга қадар психологлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирганлар ва билдириб келмоқдалар.
Тарих ва ижтимоий ҳаёт тамойиллари шуни кўрсатмоқдаки, жамиятнинг ҳар томонлама ривожланиши ва унда юксак даражадаги ҳаёт, турмуш тарзининг қарор топтирилиши, аввало ҳар бир фаолият кўрсатувчи шахсдаги ўзига хос психологик салоҳиятнинг не чоғлик тўла-тўкис намоён этилаётганлиги билан белгиланади. Зеро, ҳар бир мамлакатнинг порлоқ келажагини одамлардаги ижодий, интеллектуал ва маънавий тараққиёт йўлига хизмат қилувчи давлат механизмисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боисдан бўлса керак, ҳозирги кунда барча ривожланган ва ривожланиш йўлидан бораётган мамлакатлар биринчи галда ўз фуқароларининг маънавий ва интеллектуал, жисмоний ва руҳий баркамоллигига ва ундан ижтимоий манфаатлар учун самарали фойдаланиш йўлларини излашга жиддий эътиборни қаратмоқдалар.
Бугунги кун тиббиётида малакали тиббий ёрдам ва шу ёрдамни кўрсатишда умумий амалиёт шифокорлари, олий малакали ҳамширалар, тор доирадаги мутахассислар билан бир қаторда беморларга психологик ёрдам кўрсатиш бугунги куннинг тиббий – психологик заруратдир.
Аввал айтиб ўтганимиздек, психологиянинг ривожланишига физиологик тадқиқотлар жуда катта туртки бўлди. Тиббий психология ҳам фан сифатида шаклланиб, олий нерв фаолияти чуқур ўрганила бошланди. Бу давр ХХ асрнинг бошларига тўғри келди. Олий нерв фаолиятининг психологик жараёнлар билан узвий боғлиқлигини И.П. Павлов, У. Пенфилд, Г. Жаспер, К. Примрам, Ж. Экллз, О. Фохт, П.К. Анохин каби олимлар чуқур ўрганишди.
Улар психик жараёнлар рефлектор тарзда бошқарилиши мумкинлигини исбот қилишди. Физиологларнинг фикрича, рефлекс –организмнинг ташқи муҳит билан бўлган ўзаро муносабатининг бир кўринишидир. И.М.Сеченов икки хил рефлекс турлари мавжуд деган. Биринчиси доимий туғма рефлекслар бўлиб, асабнинг қуйи тузилмалари орқали амалга оширилади, деб уларни «соф рефлекслар» деб атаган. Иккинчиси бош мия пўстлоқ марказлари билан боғлиқ рефлекслар бўлиб, улар ўзгарувчан бўлади ва индивидуал ривожланиш мобайнида шаклланиб боради, деган. Бу рефлексларни И.М. Сеченов ҳам физиологик, ҳам психологик ҳодиса деб таърифлаган. Бу борада И.П. Павлов (1849–1936) ўтказган тадқиқотлар эътиборга моликдир. И.П. Павлов олий нерв фаолияти ҳақида таълимот яратди ва фанга «шартли рефлекс» деган иборани киритди.
Шартли рефлектор фаолият учун нафақат янги шартли рефлексларнинг пайдо бўлиши, балки пўстлоқдаги эски алоқаларнинг йиғилиб, мураккаб боғланишлар ҳосил қилиши ҳам ўта муҳимдир. Бош мия организмнинг барча ташқи ва ички фаолиятини рефлектор принципга асосланган ҳолда бошқариб, бир-бири билан боғлаб туради.

Олий нерв фаолияти ёки шартли ва шартсиз рефлексларнинг асосий принциплари невризм, руҳ ва тананинг ягоналиги, тузилма ва функцияларнинг яхлитлиги, организм фаолиятининг бошқарилиши мумкинлиги ва бунда ташқи муҳитнинг аҳамияти жуда муҳимлигини юқорида номи келтириб ўтилган олимлар илгари суришган.
Психологиянинг асосий шаклларидан бири бу тўғри аниқ таъсир қила олиш ва шахслараро муносабатнинг тўғри йўлга қўйиш. Шифокор бемор билан маълум мантиқий кетма-кетликда савол-жавоб қилиши керак. Бу суҳбат (диалог)да фикрнинг тушунарли бўлиши учун маром, урғу ва такрор тўғри белгиланиши, мазмун ва оҳангдорликнинг уйғунлашуви, сўзлараниқ ҳамда тўғри талаффуз қилиниши муҳимдир. Зеро, халқимиз – кишининг жамоли тилидир, дейди. Биз эса шифокорнинг маҳорати ва малҳами тилидир, дегимиз келади. Дарҳақиқат, халқ эртакларида подшонинг «Енг ширин нарса нима?» ва «Енг аччиқ нарса нима?» деган саволига тилнинг олиб келиб кўрсатилишида буюк ҳикмат бор. Беморга: «Рангингиз оқариброқ кўриняпти, бугун тобингиз чатоқроқми?» деб айтилса, бир оз ўтиб, унинг ранги энди ростдан ҳам оқаринқираб қолганини сезиш мумкин. Ёки аксинча, зархил юзли беморга: «Бугун рангингиз нақшин олмадек», дейилса, шифокониинг буюрган барча муолажалари тана учун фойдали бўлади, беморнинг ҳаётга иштиёқи яна ҳам кучаяди. Зеро, қадимги юнон файласуфи Аристотел: «Нутқнинг бош фазилати аниқ ва равшанликдир», деган эди. Донолар насиҳат қилганларидек, ўзига боқма, сўзига боқ. Шундай экан, шифо истаб келган беморга энг тез таъсир этувчи «елексир – бу сўз, деган ҳаётий ҳақиқат англанади. Шундай экан бир биримиздан ширин сўзимизни аямайлик.
ЎзДСМИ Нукус филиали психологи.А.Юсупова.
ЎзДСМИ Нукус филиали матбуот хизмати

 675 

Skip to content