«ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН» газетасида филиал фаолиятига оид мақола чоп этилди
— Қорақалпоқ халқининг бетакрор санъати ва маданиятини янада юксалтириш, театр, кино, телевидение ва халқ ижодиёти йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида 2008 йилнинг 28 апрелида Президентимиз қарорига мувофиқ, Ўзбекистон давлат санъат институтининг Нукус филиали ташкил этилган эди, — дейди мазкур филиалнинг режиссура ва актёрлик маҳорати кафедраси доценти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марияш Исмайлова. — Кейинчалик ўқув юртимиз Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти филиалига айлантирилди. Ҳозирги пайтда ўқув жараёнларида назария ҳамда амалиётни бирга олиб боряпмиз. Яхши мутахассисларни тайёрлашда бор билим ва тажрибамизни ишга соляпмиз.

Ҳар бир давлат истиқболи, дунё миқёсида обрў-эътибори ёшларни қўллаб-қувватлашга, таълим даргоҳларида уларга билим берадиган илмий кадрлар малакасига бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан қараганда, юртимизда ёшларнинг пухта билим олишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Навқирон авлод вакилларининг замон талабига мос таълим олиши, уларни касбга йўналтириш, маънавий дунёсини бойитиш ҳукумат эътиборидаги асосий вазифалар этиб белгиланган.
— Филиал очилган йили унга 25 нафар талаба қабул қилинган бўлса, ҳозирги вақтда 9 таълим йўналиши бўйича 942 нафар йигит-қиз билим олмоқда. Бугунги кунда муассасамиздаги 1 факультет, 5 кафедрада 59 нафар профессор-ўқитувчи талабаларга таълим-тарбия бериб келади. Улар орасида 6 нафар профессор, 9 нафар фан номзоди, 5 нафар доцент, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артистлари, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артистлар, Қорақалпоғистон халқ бахшилари бор. Бу назария ва амалиётни бирга олиб боришда, шунингдек, талаба-ёшларнинг ўз таълим йўналишлари бўйича етук мутахассис бўлиб етишишида муҳим аҳамиятга эга, — дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали директори, филология фанлари номзоди Аманжол Аяпов. — Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб филиалда сиртқи бўлим очилди. Мазкур бўлимга дастлабки йили 100 нафар талаба қабул қилинган бўлса, бугунги кунда 538 йигит-қиз таҳсил олмоқда.
2022-2023 ўқув йилидан бошлаб филиалда магистратура, бакалавриат таълим йўналишлари бўйича янгидан учта — эстрада актёрлиги, эстрада ва оммавий томошалар режиссёрлиги, бахшичилик ва достончилик таълим йўналишлари очилган.
— Президентимиз 2020 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон ёшлари форумида ҳар бир туман ва шаҳардан беш нафар талабани маданият ва санъат олий таълим муассасаларида маҳаллий бюджет ҳисобидан ўқитиш ташаббусини илгари сурган эди. Биз буни ёшларга қаратилган алоҳида эътибор деб биламиз, — дейди филиалнинг сиртқи бўлими бошлиғи, филология фанлари номзоди Даўлетмурат Пахратдинов. — Бу ташаббус асосида Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида маданият ва санъат соҳасида фаолият кўрсатаётган 85 нафар, Хоразм вилоятидан 65 нафар йигит-қиз талабаликка қабул қилинди. Ҳозир улар 3-курсда таҳсил олмоқда.

— Мен 2006 йилдан буён Шуманай туман маданият бўлимида ишлаб келаман, — дейди филиалнинг 3-курс талабаси Зияда Сейдуллаева. — 2005 йили Қалли Айимбетов номидаги маданият коллежининг хореография бўлимини тугатганман. Оилали бўлганим боис, таълим олишнинг йўлини топа олмай келаётгандим. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир туман ва шаҳардан беш нафар талабани маданият ва санъат олий таълим муассасаларида маҳаллий бюджет ҳисобидан ўқитиш бўйича берган тавсияси асосида ўқишга қабул қилиндим. Менга шундай имконият берилганидан жуда хурсандман.
Кейинги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, ёшларнинг олий таълимга қамров даражасини ошириш, талабаларни турар- жой билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. филиал учун 9 қаватли, 300 ўринли ётоқхона биноси янгидан қурилади ва мавжуд ўқув биносида капитал таъмирлаш ишлари бажарилади.
Филиалда талабаларнинг ўқув адабиётларига бўлган эҳтиёжини қондириш, янги адабиётлар харид қилиш асосида ахборот-ресурс маркази китоб фондини ошириш, мавжуд адабиётларнинг электрон форматини яратиш ҳамда профессор-ўқитувчилар томонидан яратилган адабиётларни чоп эттириш бўйича ҳам кўплаб ишлар қилиняпти. Бугунги кунда филиалнинг ахборот-ресурс марказида 15 883 нусха китоб мавжуд.
Сўнгги йилларда таълим соҳасини янада ривожлантириш учун илғор давлатлар тажрибаси амалиётга татбиқ этилмоқда. Филиалда етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан илмий ва академик ҳамкорлик олиб бориш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Айни вақтда 5 хорижий ОТМ билан меморандум ва шартномалар имзоланган. Бу келишувлар доирасида кафедралар кесимида ҳамкорлик ишлари тобора кенгайиб бормоқда. Жумладан, З.Исмагилов номидаги Уфа давлат санъат институти, Сибирь давлат санъат институти, М.Авезов номидаги Жанубий-Қозоғистон давлат университети, Яссавий номидаги Қозоқ-турк халқаро университети, Тараз давлат университетлари билан турли йўналишларда алоқалар йўлга қўйилган. Ўзаро ҳамкорлик шартномаларига биноан филиал талабаларига сабоқ бериш ва маҳорат дарслари ўтиши учун чет элдан уч нафар профессор-ўқитувчи жалб қилинди. Шунингдек, Киев миллий санъат ва маданият институти, Озарбайжон давлат санъат ва маданият университети, Беларусь давлат санъат ва маданият университетлари билан ҳам ҳамкорлик келишувларига эришилган.
— Олий таълимни янги босқичга кўтариш мақсадида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинган. Ушбу муҳим ҳужжатга кўра, республикадаги камида 10 олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи мингталигига киритиш ва олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш режалаштирилган эди. 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасалари кредит-модуль тизимига ўтказилди. Мазкур тизимнинг олий таълимда жорий қилиниши ўқитиш сифатини ошириш, шаффофликни таъминлаш, коррупцияга барҳам бериш, таълим олувчининг ҳақиқий билимини юзага чиқариш ҳамда талабанинг мустақил ўқиб-ўрганиб, ўз устида ишлашига замин яратди, — дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Женис Шаниязов. — Шунингдек, профессор-ўқитувчиларга бўлган талабни ҳам оширди. Бугунги кунда филиалимизнинг ҳам биринчи ва иккинчи босқичларида ўқув жараёни тўлиқ кредит-модуль тизимида ташкил этилмоқда. Албатта, олий таълим тизимида татбиқ этилаётган ислоҳотлар халқаро стандартлар асосида ва меҳнат бозори талабига мос кадрларни тайёрлашда муҳим восита ҳисобланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, ёшларнинг олий таълимга қамров даражасини ошириш, талабаларни турар-жой билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Филиал учун 9 қаватли, 300 ўринли ётоқхона биноси янгидан қурилади ва мавжуд ўқув биносида капитал таъмирлаш ишлари бажарилади.
— Сўнгги пайтларда ёшлар китоб ўқимай қўйди деган фикрларни кўп гапиряпмиз. Бу гапда ҳам жон бор, албатта. Лекин бир нарсани ҳам унутмайлик, интернет тармоғи ривожлангач, кўпчилик электрон китобларни ўқишга ўтди, — дейди институтнинг маданий ва кутубхона фаолияти таълим йўналишини тугатган Улбосин Убайханова. — Мен ўтган йили ушбу мутахассисликни битириб, бугунги кунда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида кутубхоначи бўлиб иш бошладим. Ушбу касбни танлашимдан мақсад — китоб мутолаасини яхши кўраман. Қолаверса, болалар, ёшларни китоб ўқишга ундаш, қизиқтириш жараёни жуда қизиқ ва мароқли.
Албатта, билим олишга, дунёга илмий нигоҳ билан боқишни истовчи ёшларга қилинаётган ғамхўрликлар уларни янада янги марралар сари руҳлантиради. Таълимни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш жуда катта эътиборни талаб этади. Сабаби, таълим соҳасига эътиборни кучайтирмай туриб, жамиятнинг бошқа соҳаларини ривожлантиришни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Зеро, Президентимиз томонидан 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланиши ҳам юртимизда инсон ва унинг сифатли таълим олишига эътибор бугунги куннинг энг муҳим вазифаси эканини кўрсатиб турибди.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
![]()